Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом 6-бандига кўра таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали (бош ўқитувчи лавозимидаги) педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгиланган эди.
Ушбу бандга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан киритилган ўзгаришга кўра олий малака тоифа (бош ўқитувчи лавозими)га эга бўлганидан сўнг олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб қилинмайди. Уларнинг тоифаси сақланади.
Мазкур ўзгариш 2022 йил 2 августдан киритилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун 41-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Қоиданинг мазмунига кўра педагог ходим олий тоифани олгандан сўнг уни 3 марта ҳимоя қилган бўлса (бу 15 йилга тенг), унинг тоифаси сақланади.
Бу ҳақида вазирлик ҳам алоҳида кўрсатма хат билан чиққан. Унинг мазмунида ҳам ВМ 425-сон қарор билан кирган ўзгариш 2022 йил 2 августдан бошлаб кучга кириши белгиланган.
Шундай экан педагог 2022 йил 2 августга қадар бўлган даврда 15 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига ҳамда олий тоифага эга бўлган бўлса, унинг тоифаси сақланади.
Бунда Низомнинг 32-бандига кўра имтиёзга эга педагог кадрлар ҳар йили 1 январдан 31 декабрга қадар тўғридан-тўғри аттестациядан ўтказилмасдан малака тоифаси (лавозим) сертификатини олиш учун бевосита давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд ваколатли вазирликларнинг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қиладилар.
Шунингдек, педагоглар ушбу масалада юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълим бошқармасига мурожаат қилиши керак.