Ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Хўжайли тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Э.С. фуқаро Д.Б.ни “У.Т.” АЖга қарашли Хўжайли туманида жойлашган компрессор станциясига ишга киритиб қўйиши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Тахтакўпир тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар И.А ва К.Б. фуқаро З.О.нинг ишончига кириб, уни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Қорақалпоқ давлат университетига ишга киритиб қўйиши эвазига 1 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.