Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан 2024-йилнинг учинчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди.
Унда Таълимни ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи Шавкат Хўжақулов марказ томонидан ушбу давр мобайнида амалга ошириилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ўтган вақт мобайнида марказ томонидан The Physics Aviary платформаси ресурслари тўлиқ маҳаллийлаштирилди.
Хусусан, платформадаги физика фанига оид 615 та виртуал лаборатория, топшириқ, восита ва таълим ўйинлари ўзбек тилига таржима қилиш орқали маҳаллийлаштирилди.
Дарс машғулотларини самарали ва қизиқарли ўтказиш учун Phet, Kahoot, Nearpood, Online Test Pad, Plickers каби платформаларидан фойдаланиш бўйича ўзбек ва рус тилларида 20 тадан ортиқ видео йўриқномалар ишлаб чиқилиб, эълон қилинмоқда.
Шунингдек, марказ томонидан 1-2-синфларда Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўқитиш бўйича ўқитувчилар малакасини ошириш учун 18 соатлик курс ва ўқув-методик ресурслар ишлаб чиқилди.
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти билан ҳамкорликда 40 000 нафардан ортиқ бошланғич синф ўқитувчилари ўқитилмоқда. Бугунги кунгача 30 000 нафар ўқитувчи мазкур курсни муваффақиятли тугатиб, сертификат олишга муваффақ бўлди.
Педагоглар учун ўзида замонавий педагогик ва рақамли технологияларнинг имкониятларини жамлаган “Инновацион таълим технологиялари ва воситалари” номли ўқув-методик қўлланма ишлаб чиқилди.
Форматив баҳолаш жараёнини ташкил этиш талаблари акс этган «4К кўникмаларини баҳолаш рубрикалари» номли ўқув-услубий қўлланма нашр этилди ҳамда баҳолаш назарияси ва амалиётига доир «Таълимда баҳолаш ва мониторинг асослари» қўлланмаси тайёрланди.
14 та вазирлик, идора ва илмий тадқиқот муассасалари ҳамда ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти тавсия ва таклифларидан келиб чиқиб, халқаро таълим атамалари асосида «Узлуксиз таълим тизимининг изоҳли луғати» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Марказнинг «Ўзбекистон таълим тадқиқотлари» электрон журнали 3 хил тилда ишга туширилди ва биринчи сони нашр қилинди.
Ўқитувчилар учун узлуксиз методик ёрдам бериш мақсадида «Баҳолаш назарияси ва амалиёти»га доир 15 қисмдан иборат видеодарслар эълон қилинди.
Кимё фани ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатиш мақсадида дарсликларнинг машқ дафтарларида келтириб ўтилган лаборатория ва амалий машғулотларга доир 26 та видеодарс тайёрланди.
Маълумки, Президентимизнинг 2024-йил 2-февралдаги 54-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 129-сонли умумтаълим мактаби Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига бириктирилган.
Ушбу мактабда таълим сифати ва самардорлигини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мактабда замонавий “Робототехника” хонаси ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар ва Корея гранти асосида “Arduino” тўплами ҳамда “PIBO” роботи билан таъминланди.
Бу орқали ўқувчиларга сунъий интеллект ва робототехника соҳасида амалий билим олиш имконияти яратилди. 2024 йил август ойига қадар ўтказилган курсларда 32 нафар ўқувчи кореялик мутахассислардан сунъий интеллект ва робототехника бўйича билим олиб, сертификатларга эга бўлди.
Ҳеленик Медитериан университети ҳамда IMPACT ҳамкорлигида ёш олимларни илмий тадқиқот кўникмаларини оширишга қаратилган 6 ойлик онлайн семинар ташкил этилди.
Жорий йилнинг июнь ойида “Таълимда замонавий технологиялар: муаммолар, ечимлар ва истиқболлар” ҳамда август ойида “Маҳоратли ўқитувчи-малакали миллат: узлуксиз касбий ривожлантиришдаги муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этилди.
Мазкур конференцияларда узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш ҳамда янги методикаларни амалиётда қўллаш юзасидан қатор тавсиялар берилди.
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти билан ҳамкорликда PISA 2025 тажриба-синовдаги ўқувчиларнинг очиқ саволларга берган жавобларини кодлаштириш (баҳолаш) бўйича тренинг жараёнлари ташкил этилди. Мазкур тренингда ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича жами 48 нафар кодловчи-мутахассислар иштирок этди.
TIMSS 2023 тадқиқотида иштирок этган мамлакатларнинг таълим тизимлари ҳақидаги ахборотларни жамлайдиган Энциклопедия учун Ўзбекистон таълим тизимига оид маълумотлар тайёрланди.