2025-2026-ўқув йилида Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича номзодларни саралаб олиш учун талабгорларни рўйхатга олиш бошланди.
Давлат хавфсизлик хизмати академиясига номзодларни саралаш тест синовларида иштирок этиш истагини билдирган талабгорлар my.uzbmb.uz сайти орқали жорий йилнинг 10 ноябрига қадар онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Номзодларни саралаб олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 241-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади ва номзодлар мазкур қарор билан тасдиқланган низомнинг 3-бандида белгиланган талабларга жавоб беришлари лозим.
Талаблар қуйидагича:
– академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишга соғлиғининг ҳолатига кўра яроқли деб топилган бўлиши;
– бўйи 170 см дан паст бўлмаган бўлиши;
– ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари;
– ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн саккиз ёшга тўладиган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар;
– ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ва контракт асосида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;
– йигирма олти ёшгача бўлган ва Академияда бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш истагини билдирган Республика Олий таълим муассасаларининг 1- ва 2-курс (қабул йилида) талабалари.
Бунда, саралаб олишнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар академияда ўқишни биринчи курсдан бошлайди.