Маълумки, умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача миқдорида мукофотланиши мумкин.
Таълим муассасаларида янги ишга кирган, декрет таътилидан қайтган ёки меҳнат таътилида бўлган педагогларга ушбу мукофот пули берилмаслиги мумкинми?
Меҳнат кодексининг 252-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар яъни, юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар юз берганлиги муносабати билан тўланадиган пул мукофоти эканлиги белгиланган.
Меҳнат кодексининг 246-моддасига кўра рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.
Агар жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда бундай қоидалар назарда тутилмаган бўлса, декрет таътилидан қайтган, янги ишга кирган ёки меҳнат таътилида бўлган ходимларга ҳам мукофот пули берилиши мумкин.
Аммо агар ходим интизомий жазо олган бўлса, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.