Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда ўқувчини урган синов муддатидаги ўқитувчига яна бошқа ҳуқуқбузарлиги учун жазо кўрилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
2024 йилнинг 24 сентябрь куни 44 ёшли аёл (ўқувчини урган аёл) 14 ёшли қизи ўқийдиган Яшнобод туманидаги 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб қолган ва мактаб директорининг ММИБ ўринбосарига нисбатан жисмоний куч ишлатган.
Аёлдан жамоат жойида тартибга риоя қилиши сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларининг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларини аёл кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган.
25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Аёл суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддасининг 1-қисми (Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) ва 197−5-моддаси (Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000) сўм жарима жазоси тайинланди.
Омбудсман хабарида аёлнинг Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабда 6-синф ўқувчисига нисбатан содир этган ҳаракати ҳозирда терговга қадар текширувда эканлиги маълум қилинган.
«️Педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас», — дейилади хабарда.