Президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Эндиликда, техникумларда халқаро таълим дастурлари йўлга қўйилади.
Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг «БТEC» дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади.
Натижага қараб, бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш ҳам муҳим. Шу мақсадда электрон платформа яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.