Мактабларда тарғибот олиб борган фирибгарлар жазоланди

Kun.uz интернет нашрининг хабар қилишича, HNK медиакомпаниясининг таълим масканларидаги тарғиботи юзасидан суриштирувидаги ҳолатлар Болалар омбудсмани ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Болалар омбудсмани маълум қилди.

Kun.uz’нинг маълум қилишича, ҳолатлардан бири Чуст туманидаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим мақсадларига зид равишда мактабда таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган тадбирлар ташкил этгани учун мактаб директори Ж.Т.га интизомий чора қўлланиб, у лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, яна бир ҳолат Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотида кузатилган. Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан бунга йўл қўйган мактабгача таълим ташкилоти мудираси в.в.б. А.З.га ҳам тегишли интизомий чора кўрилиб, у вазифасидан озод қилинган.

«Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 32-моддасида давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқини эътироф этади деб белгиланган.

Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида турли медиа тижорат компаниялари тарғиботининг ўтказилиши таълим муассасаларнинг мақсад ва вазифаларига номувофиқ бўлиши билан биргаликда, қонунчилик талабларига ҳам зиддир.

Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш тақиқланиши белгиланган. Болалардан бу каби тижорий мақсадларда фойдаланиш – бола эксплуатациясининг бир шаклидир», дейилади Болалар омбудсмани муносабатида.

 

Таълим билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ташвиқот тадбирларига болаларнинг жалб этилишига нисбатан қатъий муросасиз бўлиш ва бундай номақбул ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўриш шартлиги юзасидан Болалар омбудсмани томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли хулоса киритилган.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда вазирлик раҳбарияти томонидан таълим муассасаларида бундай номақбул ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича республиканинг барча ҳудудий мактабгача ва мактаб таълим бошқармаларига тегишли топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, HNK медиакомпанияси тарғиботи билан маҳалла раислари ҳам шуғулланаётганини аниқлаган. Хусусан, Бухоро шаҳридаги Тўқимачи маҳалласига 2,5 йилдан бери раислик қилиб келаётган Шерзод Жумаев ушбу молиявий пирамидага унинг ўзи ҳам қўшилганини маълум қилганган.

«Текшириб кўрдим, бу ишончли экан, Ўзбекистон билан 2021-2031 йилларга шартнома қилган экан. Гувоҳномаларини кўрдим. Ўзим ҳам 360 минг сўм билан кирдим. Ҳали биринчи босқичдаман», деган эди маҳалла раиси.

 

Kun.uz таҳририяти ҳолат юзасидан Маҳаллалар уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси матбуот хизмати билан боғланган. Бироқ бошқарма вакили Шерзод Жумаевга бирор чора кўрилган ёки кўрилмаганини очиқламаган.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры