Қирғизистон Фан ва олий таълим вазири хизмат этикасини бузганлиги сабаб лавозимидан озод этилди

Қирғизистон Фан ва олий таълим вазири хизмат этикасини бузганлиги сабаб лавозимидан озод этилди

Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти Фан ва олий таълим вазири Бахтиёр Орозов давлат хизмати этикасини бузгани сабабли лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

 

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 2025 йил 15 декабрь куни Бахтиёр Орозовни ишдан бўшатиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Расмий баёнотда вазир «давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмагани» учун лавозимидан четлатилгани айтилган.

 

Спутник Қирғизистон хабарига кўра, Бахтиёр Орозов 15 декабрга ўтар кечаси маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. У хизмат автомобилини бошқараётган бўлган ва унинг ёнида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

 

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда амалдорнинг наркология муассасасида бўлиб тургани акс этган видео ҳам тарқалган эди.

 

Мазкур маълумотни Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси бош бошқармаси матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган. Ҳодисадан сўнг Бахтиёр Орозов Фан ва олий таълим вазири лавозимидан расман озод этилди.