2030 йилгача қўшимча 120 минг ўринли ўқув биноларини қуриш режалаштирилмоқда

2030 йилгача қўшимча 120 минг ўринли ўқув биноларини қуриш режалаштирилмоқда

Муҳокамалар порталига «2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон лойиҳаси жойлаштирилди.

 

Лойиҳага кўра, олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

 

Бунда:

 

– қўшимча 120 минг ўринли ўқув биноларини қуриш;

 

– 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш;

 

– кутубхоналарни камида 1 миллион замонавий адабиётлар билан тўлдириш;

 

– кутубхона фондларидаги китоблардан 100 фоиз электрон тарзда фойдаланиш имкониятини яратиш белгиланган.

 

Шунингдек, 2030 йилгача олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш ҳам келтирилган:

 

  • умумий ўрта таълим мактаблари ва академик лицей битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш;
  • битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш ва 1-3 йил давомида мутахассислиги бўйича ишлаш кўрсаткичини 70 фоизга етказиш;
  • умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш улушини 100 фоизга чиқариш;
  • олий таълим ташкилотларининг халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурларини 200 тага етказиш;
  • «Тоp-500» рейтингига (QS, ТHE, АRWU) кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш;
  • 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли «Top-1 000» (QS, THE, ARWU) олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш;
  • олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш мақсад қилинган.

 

Аввалроқ, ушбу лойиҳага мувофиқ олис ва чекка ҳудудлардаги 715 та мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар йўлга қўйилиши ҳамда боғча ва мактаб педагог ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баравар оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.