Олий таълим муассасаларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда қўлланиладиган мезонлар белгиланди

Олий таълим муассасаларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда қўлланиладиган мезонлар белгиланди

2025 йил 23 декабрда Адлия вазирлиги Олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни 3732-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди.

 

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 58-моддасига кўра, олий таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларига мувофиқлик жиҳатдан комплекс давлат аккредитациясидан ўтказилади.

 

Мазкур идоравий ҳужжат билан 8 та йўналиш доирасидаги 47 та мезон бўйича олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда фойдаланиладиган 271 та индикатор белгиланмоқда.

 

Унга кўра, 19 та (7 %) мажбурий индикаторлар (индексацияланган маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, антиплагиат тизими жорий этилганлиги ва б.) ҳамда 252 та (93 %) умумий индикаторлар (натижаларга эришган тюторларнинг рағбатлантириб борилганлиги, талабаларнинг стартап лойиҳалари ва рационализаторлик ғоялари учун танловларнинг ташкил этилганлиги ва б.) мавжуд бўлиб, «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» тарзида баҳоланади.

 

Бунда:

 

– 50 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ эмас»;

 

– 50 % дан 70 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «қисман мувофиқ»;

 

– 70 % ва ундан ортиқ индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ» деб топилади.

 

Мажбурий индикатор «мувофиқ эмас» деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, мезон «мувофиқ эмас» деб топилади.