Талабалар билан учрашувда тупроқ деградацияси масалалари муҳокама қилинди

Талабалар билан учрашувда тупроқ деградацияси масалалари муҳокама қилинди

Ерларнинг деградацияси инсониятнинг энг жиддий экологик муаммоларидан бири бўлиб, дунё бўйича қуруқликнинг 40 фоизи ва 3,2 миллиард киши бу муаммога дуч келмоқда. Марказий Осиёда эса ер майдонининг 37 фоизи деградацияга учраган, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 26 фоизни ташкил этади.

 

Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва «Замин» фонди ҳамкорлигида «Она Ер нидоси» ҳужжатли фильми суратга олинган. Фильм 4 декабрь куни Бутунжаҳон тупроқ кунига бағишланган халқаро тадбирлар доирасида ФАОнинг Италиядаги Бош қароргоҳида илк бор намойиш этилди.

 

Ўзбекистонда ушбу фильмнинг премьераси «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети ҳамда Давлат аграр университетида бўлиб ўтган. Бу фильм камдан-кам ҳолларда кадрда кўринадиган, аммо ҳар куни ер билан ишлайдиган одамлар — фермерлар, агрономлар, олимлар фаолиятини ёритади.

 

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева талабалар билан самимий суҳбатда тупроқ деградацияси муаммоларини муҳокама қилди, бўлажак мутахассисларнинг ғоя ва таклифларини диққат билан тинглаб, экологик жараёнлар минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун қанчалик хавфли эканини таъкидлаган.