Ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани 17-мавзедаги 122-мактабнинг спорт майдони қурилишга тайёрлагандек ўраб олингани ҳақида видео тарқалди.
Маълумотларга кўра, бундан норози аҳоли томонидан Telegramʼда гуруҳ ҳам очилган.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам ушбу ҳолатга нисбатан муносабат билдирган. Журналист, аввало, тегишли давлат ташкилотлари бу ерда нима бўлаётганини одамларга тушунтириши кераклигини ёзган.
«Мана шунақа катта мактаблар ҳудуди дахлсиз деб эълон қилиниши керак. Давлат мактабларининг ерлари ҳатто хусусий мактабларга ҳам берилмаслиги шарт» — дейди Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ушбу ҳолатга нисбатан Тошкент шаҳар ҳокими, янги ва эски Юнусобод ҳокими Президентнинг тегишли қарорини ўқимаган, дея фикр билдирган.
«Назаримда, Тошкент шаҳар ҳокими, янги ва эски Юнусобод ҳокими Президентнинг давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланиши тўғрисидаги қарорини ўқимаган.
Бўлмасам, Юнусободдаги 122-мактабнинг стадионини аллақандай ноунеймлар келиб ўраб-эгаллаб олишига индамай қараб туришмаган бўлишарди. Энди халқимиз мактаблар олдида кеча-кундуз навбатчилик қилиши ва стадионларни қўриқлаши қолувди», — дейди Бакиров.
Юнусабод туман ҳокимлигининг ушбу ҳолат нисбатан берилган расмий муносабатида келтирилишича, ушбу масала туман ҳокимлиги назоратида ва ҳудуддаги барча қурилиш ишлари ва объектлар қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
«Текширув натижаларига кўра, агар қонуний талабларга риоя қилинмаган ҳолат аниқланса, тегишли қонунчиликка мувофиқ чора кўрилади. Фуқаролар ўз ҳуқуқларидан келиб чиқиб, бу масала бўйича расмий идоралар орқали қонуний текширув олиб боришини талаб қилишлари мумкин», — дейилган ҳокимлик изоҳида.
