Синф хоналаридаги ҳаво ҳарорати ва ҳавонинг сифати ўқувчиларнинг диққатини жамлаш, чарчамаслик ҳамда самарали ўқишлари учун катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Жуда юқори ҳарорат ўқувчиларнинг диққатини сусайтиради, чарчоқни оширади ва уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилади. Ҳатто пастроқ ҳароратларда ҳам иссиқлик диққатни камайтиради, айниқса ёш болалар иссиқ ҳавода кўпроқ таъсир қилиши мумкин.
Санитария-эпидемиология қўмитаси томонидан таълим муассасаларининг ўқув хоналарида машғулотлар ўтказишда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ ўқув хоналарида ҳаво ҳарорати қуйидагича бўлиши тавсия этилган:
— Енгил жисмоний ишлар учун – 21 °C
— Ўртача оғир ишлар учун – 17 °C
— Оғир ишлар учун – 16 °C
Физика лабораториялари каби махсус хоналарда эса ҳарорат 18–21 °C, ҳавонинг намлиги эса 40–60 % бўлиши керак. Шунингдек, ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қулай ҳарорат ва яхши шамоллатиладиган хоналар ўқувчиларнинг ўқиш самарадорлигини оширади.
Мактабларда хоналарни салқин сақлаш учун деразаларни очиб шамоллатиш муҳимдир. Шунингдек, парда ёки соябон ёрдамида иссиқликни камайтириш мумкин. Ўқувчиларнинг саломатлиги учун сув ичиш имконияти яратилиши тавсия этилган. Агар, зарурат бўлса, вентилятор ёки ҳавони совутиш ускуналаридан фойдаланиш ҳам фойдали бўлади.
Аввалроқ, мактаб ёшидаги болаларнинг овқатланиши уларнинг жисмоний ривожланиши, ақлий фаоллиги, дарсларда диққат эътиборини жамлаши ва иммунитетини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи ўрин тутиши ҳақида хабар берган эдик.
