Қайси сертификатлар учун информатика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан озод этилиши мумкин?

Қайси сертификатлар учун информатика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан озод этилиши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига 1-иловада тасдиқланган «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом 36-банди мазмунига мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган камида Б+ (аввалги тизимда 80 балл ёки ундан юқори) даражадаги умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида сертификатга эга фан ўқитувчиларига (бошланғич таълим ўқитувчилари бундан мустасно) сертификатнинг амал қилиш даврида навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан максимал балл берилади ҳамда улар ушбу ўқув фани бўйича малака синовидан озод этилади.

 

Бунда сертификатга эга педагоглар иккинчи босқич синовида иштирок этишлари мажбурий ҳисобланади.

 

Демак, сиз аттестациянинг мутахассислик фанидаги тестдан озод бўлиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган сертификатга эга бўлишингиз керак.

 

Бунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 4 апрелдаги 4-қ/қ-сон ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 2 апрелдаги 3-мҳ-сон қарори (рўйхат рақами 3515)га иловада хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланган.

 

Ушбу рўйхатнинг 4-бобида информатика фанидан қуйидаги сертификатлар белгиланган:

 

1.  Microsoft Certified Educator (MCE) – бу сертификат учун энг кам натижа умумий балнинг 80%*/860 ҳисобланади ва мазкур сертификат халқародир.

2. Astrum Certified IT Educator – бу сертификат учун энг кам натижа умумий балнинг 80%*/103 ва мазкур сертификат миллий ҳисобланади.

3. IC3 Digital Literacy Certification** – бу сертификат учун энг кам натижа 700 ва бу сертификат ҳам халқаро сертификат саналади.

Бунда 1та * қўйилган баллар ушбу қарор кучга киргунга қадар олинган сертификатлар учун амал қилади.

 

Учинчи сертификатда эса 2та * бор. Бу сертификат юқоридаги имтиёзни бериши учун ҳар бир модуль бўйича (жами 3 та модуль) кўрсаткич 700 балл ёки ундан юқори бўлиши лозим.

 

Демак, сиз имтиёздан (аттестациянинг тест синовларидан озод бўлиш учун) юқоридаги сертификатлардан бири бўйича камида ушбу меъёрлар бўйича олишингиз керак.

 

Аввалроқ, баҳорги аттестация учун рўйхатдан ўтиш ва мурожаат юбориш бошланишига оз фурсат қолгани ҳақида хабар берган эдик.