Ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани учун мактаб маъмурияти жаримага тортилди

Ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани учун мактаб маъмурияти жаримага тортилди

Болалар омбудсмани котибиятига Тошкент вилояти, Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Н нинг мурожаати келиб тушган.

 

Мурожаатга кўра, Зангиота туманида жойлашган таълим муассасасида мактаб директори ҳамда айрим педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш (дарахт оқлаш, ер суғориш, қор кураш каби) ҳолатларига йўл қўйилганлиги билдирилиб, масъулларга чора кўриш сўралган.

 

Мазкур ҳолат Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўрганилиб, аниқланишича, гўёки тарбиявий жазо чораси деб ўқувчиларга нисбатан мажбурий меҳнатга йўл қўйилган.

 

«Ушбу қонунбузарлик ҳолати юзасидан мактаб маъмуриятига нисбатан МЖТК нинг 51-модда 1-қисми билан (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

 

Болалар омбудсмани таълим муассасаларида бола манфаатлари таъминланиши юзасидан ўз кузатувини давом эттиради»– дейилади хабарда.