Энди Оксфорд университетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади

Энди Оксфорд университетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади

Аввалроқ, жорий йил 14 октябрь куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британия бош вазири ўринбосари ва адлия вазири Девид Лемми билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар бергандик.

 

 

Саида Мирзиёеванинг ўз саҳифасида ёзишича, Оксфорд университетининг «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факультетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади.

 

«Университетдан Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида мукофот қабул қилганимдан хурсандман.

 

Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Алишер Навоийнинг «Хамса», Ҳусайн Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа кўплаб нодир китоблар сақланаётган Бодлиан кутубхонаси билан танишув илиқ таассурот қолдирди», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

 

Шунингдек, учрашувда инсон капиталини ривожлантириш ва Ўзбекистон мактабларида Кембрижнинг айрим дастурларини жорий этиш, Оксфордда ўзбек тилини ўрганиш лойиҳаларини йўлга қўйиш, шунингдек, инглиз тилида сўзлашувчи ўқитувчиларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган.