Таълим тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин

Таълим тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин

Муҳокамалар порталига «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

 

 

Қарор лойиҳасига мувофиқ 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги ЎРҚ–637-сонли Қонунига айрим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши белгиланган.

 

Ушбу ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:

 

5-моддаси иккинчи қисмининг тўртинчи хатбоши «ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий) ҳамда дуал ва мақбуллаштирилган кундузги таълим олишни ташкил этиш» таҳрири билан баён этилади.

 

 

15-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши «мақбуллаштирилган кундузги таълим» билан тўлдирилади. Тўртинчи – тўққизинчи хатбошилари тегишинча бешинчи – ўнинчи хатбошилари деб ҳисобланади.

 

 

161-модда қуйидаги мазмунда тўлдирилади:

 

 

161-модда. Мақбуллаштирилган кундузги таълим

 

Мақбуллаштирилган муқобил кундузги таълим (part-time education) олий таълим ташкилотларида муқобил таълимнинг кредит-модуль тизимига асосланган, талабаларнинг ўқиш ва ишлашини биргаликда олиб бориш имконини берувчи, ўқиш анъанавий кундузги таълим шаклига қараганда кўпроқ мослашувчан ва вақт бўйича қулайлик яратадиган, ҳафталик ўқув юкламаси (соатлари) камайтирилган, ўқиш давомийлиги кундузги таълим шаклига нисбатан камида бир ярим баробар кўп ўқиш муддатини ташкил этадиган ва бакалавриатда 8 йилгача, магистратурада 4 йилгача бўлган ўқиш давомийлигидаги таълим шаклидир.

 

 

Мақбуллаштирилган кундузги таълимни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

 

19-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

 

 

Расмий таълим давлат томонидан тан олинган давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари иштирокида институционаллаштирилган (муайян қоидалар ва нормаларни мужассамлаштирувчи), аниқ мақсадга йўналтирилган ва режалаштирилган таълимдир.