Ижтимоий тармоқлар орқали болаларни боғчага қабул қилиш 2 ёшдан бошланиши ёки болалар энди 6 ёшгача боғчага бориши ҳақида хабарлар тарқалди.
Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова аудиобаёнот берди.
Унга кўра, боғчага 2 ёшдан бошлаб ёки 6 ёшгача қабул қилиниши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканлигини билдирди.
«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжат лойиҳасида МТТга болаларнинг қабул ёши 6 ёшгача этиб белгиланиши ёки 2 ёшдан бошланиши хусусида ҳеч қандай ҳуқуқий норма кўзда тутилмаган.
Амалдаги тартибга кўра, нодавлат боғчаларда болаларни қабул қилишдаги ёш чегараси таълим муассасанинг уставига мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги тегишли фармонига асосан тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат МТТ га 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилган. Яъни бу барча боғчаларга эмас, тўлиқ қувват билан ишламаётган боғчаларга нисбатан татбиқ этилади», — деди Дилфуза Собирова.
