Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1-cентябр куни Тянжзин шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида илм-фан, технология ва инновациялар масалаларига алоҳида урғу берди.
Давлат раҳбари ШҲТ мамлакатларининг сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик ва муқобил энергетика каби йўналишларда салмоқли илмий-техник салоҳиятга эга эканини қайд этди. Шу боис, янги ғояларни ишлаб чиқиш, илғор ташаббусларни илгари суриш ва технологиялар трансферини йўлга қўйиш учун ШҲТ инновацион-технологик тармоғини ташкил этиш зарурлигини таклиф қилди.
Президент, шунингдек, «ШҲТ университети» шериклик тармоғи доирасида онлайн кампус яратиш, ёшлар ўртасида инновацион танлов ва олимпиадаларни мунтазам ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Мазкур чоралар нафақат таълим ва гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга, балки ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, иқлим ўзгариши ва экологик хавфларни олдиндан прогнозлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғини шакллантириш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги бундай ҳамкорлик ШҲТ маконида иқтисодий ўсиш, барқарор тараққиёт ва ёш авлод учун янги имкониятларни яратишга хизмат қилади.
