Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистондаги мактабларда илк дарс соатлари бошланди. Тонг саҳардан шошган, уйқусираган ўқувчилар, қувонч ва ҳаяжонга тўла ота-оналар, меҳрибон устозлар таълим масканларида йиғилди.
Таъкидлаш жоизки, бу йилда қарийб 740 минг нафардан ортиқ биринчи синф ўқувчилари мактаб остонасига илк бор қадам қўйишмоқда ва уларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тантанали тарзда топширилади.
«Talimxabarlari.uz» мухбири Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги мактабларнинг бирида бўлиб, ўқув йилининг илк кунига хос унутилмас лаҳзаларни кадрларга муҳрлади.
Маълумот учун, янги ўқув йилидан қатор янгиликлар ҳам режалаштирилган:
➖ Барча таълим ташкилотларида ҳафтанинг ҳар душанба куни «Келажак соати» дарслари ташкил этилиб, зарур қўлланмалар миллийтарбия.узплатформаси орқали етказилади.
➖ Янги ўқув йилидан «боғча –мактаб – олий таълим» тизимида ягона ғоявий тарбия тизими йўлга қўйилади.
➖Шунингдек, Президентнинг тегишли Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга;
умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади;
I ва II гуруҳга кирувчи мактабгача таълим ташкилоти директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари тегишлича III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

















