АҚШдаги университетлар халқаро талабалар камайиши сабабли молиявий инқирозга учрамоқда

АҚШдаги университетлар халқаро талабалар камайиши сабабли молиявий инқирозга учрамоқда

АҚШнинг бир қатор кичик университетлари ва коллежларида халқаро талабалар сонининг кескин камайиши уларнинг молиявий барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат мамлакат таълим тизимининг келажак истиқболига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Сўнгги йилларда АҚШ ҳукумати томонидан визаларга қўйилган қаттиқ талаблар туфайли, кичик университетларга келаётган халқаро талабалар сони деярли икки бараварга камайди.

 

Масалан, Миссури штатидаги Cэнтрал Миссоури Университети маъмурияти халқаро талабалар оқими қисқаргани сабаб бюджет даромадларининг асосий қисми йўқотилганини маълум қилди.

 

АҚШдаги кўплаб кичик ва минтақавий университетлар ўз даромадининг 20–25 фоизини хорижий талабалардан олади. Уларнинг ўқиш ҳақлари ва турар жой тўловлари нафақат университет бюджетини, балки атрофдаги шаҳар иқтисодиётини ҳам қўллаб-қувватлаб келган.

 

Халқаро талабалар камайиши натижасида:

 

– ўқиш нархлари оширилмоқда;

– баъзи илмий лойиҳалар қисқартирилмоқда ёки тўхтатилмоқда;

– янги ўқув бинолари ва дастурларни очиш лойиҳалари кечиктирилмоқда.

 

 

Таълим бўйича экспертлар халқаро талабалар оқимини «университетлар учун ҳаётий зарурат» сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, визалар бўйича қаттиқ сиёсат нафақат университетлар бюджетига, балки АҚШнинг илмий салоҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Шунингдек, халқаро талабалар – маданий алмашинув ва илмий ҳамкорликнинг асосий кўприги ҳисобланади. Улар камайганда таълим муҳитининг хилма-хиллиги ҳам қисқаради.

 

Мутахассислар фикрича, агар вазият ўзгаришсиз қолса, яқин йилларда кичик университетлар ёпилиш хавфига ҳам дуч келиши мумкин. Шу боис таълим соҳасидаги ташкилотлар ҳукуматни халқаро талабаларга қулай шарт-шароит яратишга чақирмоқда.

 

АҚШдаги кичик университетлар халқаро талабалар оқимига жуда боғлиқ. Бу оқимнинг кескин камайиши уларни молиявий жиҳатдан издан чиқариши мумкин. Шунинг учун мутахассислар таълим тизимининг глобал рақобатбардошлигини таъминлаш учун ҳукуматни тезкор чоралар кўришга ундамоқда.