Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири пора билан қўлга тушган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, боғча мудири ҳамда иккита хусусий боғча раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган.
Хусусан, улар ўзларининг мансабдор танишлари орқали фуқарони бошқа тумандаги давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига мудира лавозимига тайинлаш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларидан бирининг раҳбари 2500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан ушбу пул маблағини олган вақтида иккинчи оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари қўлга олинган.
Ўз навбатида у 1000 АҚШ долларини туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудирига бериши кераклиги аниқланиб, мазкур мансабдор шахс ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
