Магистратурада жорий йилда ҳам қўшимча қабул очиладими? Жараёнга оид муҳим саволларга жавоблар жавоблар

Магистратурада жорий йилда ҳам қўшимча қабул очиладими? Жараёнга оид муҳим саволларга жавоблар жавоблар

Жорий йилда ҳам контрактга кирган қизларга давлат бюджетидан тўлов-контракт суммаси қоплаб берилади. Бунинг учун 15 сентябргача kontrakt.edu.uz сайтидан онлайн ариза бериш керак бўлади. Лекин ҳали ариза бериш бошлангани йўқ, аввал бугунги мандат натижалари тўлиқ базага киритилиши керак. Қачон очилса, қўшимча хабар берилади.

 

Шунингдек, жорий йилдан биринчи марта магистратурада кечки ва масофавий таълим шакли ҳам очилди. Бунда кечки ёки масофавийга кирган қизларга ҳам давлат бюджетидан контрактлари қоплаб берилади.

 

Магистратурада жорий йилда ҳам қўшимча қабул очилиши кутилмоқда. Қўшимча қабул бакалаврдаги супер-контрактга тенг. Яъни кира олмаганлар учун қўшимча квота ажратилади. Лекин асосий фарқи — магистратурада қўшимча қабул контракти анча арзон бўлади. Бунда қўшимча қабулга кирганлар 1 нафар талабани ўқитишнинг ҳақиқий харажат суммасини тўласа кифоя.

 

Бу нима дегани?

 

Масалан, мутахассисликка қараб, 1 нафар талабани ўқитиш харажати тахминан 15-25 млн сўм атрофида бўлади. Лекин давлат талабаларга енгиллик бўлсин деб, контракт суммасини ҳақиқий харажатдан арзонроқ қилиб белгилайди, қолган зарарни қоплаш учун олийгоҳларга бюджетдан субсидия беради.

 

Яъни, оддий контрактга кирганлар 10 млн сўм тўласа, қўшимча контрактга кирганлар 15 млн сўм тўлайди. Магистратурада бакалаврдаги супер-контрактга ўхшаб, 7 баравар ёки 15 баравар тўлаш деган нарса йўқ.

 

Эслатма! Қўшимча қабулга кирган хотин-қизларнинг контракт пули бюджетдан қоплаб берилмайди. Биринчи курсда ҳам, иккинчи курсда ҳам. Улар икки йил ҳақиқий харажатни тўлайди, иккинчи курсга ўтганда оддий контракт тўлайман, деб ўйлашмасин. Лекин қўшимча қабулга кирганлар грант тақсимотида иштирок этиши мумкин, агар натижаси яхши бўлса, 2-курсда грантга ўта олади.

 

Маълумот учун, жорий йилда магистратура учун қишки қабул режалаштирилмаган.