Фарғона вилоятида ноқонуний тартибда диний таълим бериш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берган.
Хабарда келтирилишича, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Қўқон шаҳри Сунбула МФЙда фаолият юритиб келаётган уй боғчасида 43 нафар болаларга тегишли маълумот ва рухсатсиз диний таълим бериб келинаётгани аниқланган. Суриштирувлардан маълум бўлишича, мазкур муассаса уй боғчаси номи остида фаолият юритиб, 2024 йил май ойидан бери диний сабоқ бериш эвазига ҳар бир боладан 450 минг сўмдан ҳақ олиб келган.
Шунингдек, Марғилон шаҳри Тошлоқтепа МФЙда жойлашган хонадонлардан бирида уйда диний таълим бериш ташкил этилгани аниқланган. Тафсилотларга кўра, 2005 йилда туғилган шахс Наврўз маҳалласида жойлашган ва бошқа бир фуқарога тегишли бўлган хонадонда 6 нафар болага бир ойдан бери ноқонуний диний сабоқ бериб келаётгани аниқланган.
Марғилондаги бошқа бир ҳолатда Нурафшон МФЙда истиқомат қилувчи 1979 йилда туғилган шахс ўз яшаш манзилида Фарғона шаҳрида яшовчи 2004 йилда туғилган шериги билан 5 нафар болага ноқонуний диний сабоқ бериб келаётганлиги айтилади.
Ҳозирда мазкур шахслар ҳамда фарзандларини шундай муассасаларга топширган ота-оналарни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда, дейилади ДХХ хабарида.
Аввалроқ Қашқадарёнинг Китоб туманида 9 нафар болага 100 доллардан ҳақ эвазига уй шароитида ноқонуний диний таълим бериб келган шахс фаолиятига чек қўйилгани хабар қилинган эди.
Шунингдек, Андижон, Хоразм ва Наманган вилоятларида вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим бериб келганлар аниқланган. Ҳолатлар бўйича жиноий иш очилиб, болаларнинг ота-оналарига баённома расмийлаштирилган.
