Гонконгдаги Илм-фан ва Технология Университети (HKUST) сунъий интеллект (АI) ёрдамида яратилган «АI-ўқитувчилар»ни амалий дарс жараёнига жорий этмоқда. Ушбу инновацион ташаббус «Social Media for Creatives» курси доирасида синов тариқасида намойиш этилмоқда.
Ушбу АI-ўқитувчилардан таркиб топган аватарлар — жумладан Алберт Эйнштейн ва Нобел мукофотига сазовор математик Жон Наш каби шахсларнинг сунъий кўринишлари — талабалар билан интерактив муҳитда дарс бериш имконини беради. Аватарлар 2D видеолар ёки виртуал ҳақиқат кўзойнаклари (VR) орқали тақдим этилади . Уларнинг ташқи кўриниши, имо-ишоралари ва нутқи индивидуал тарзда созланади.
Лойиҳа раҳбари Пан Ҳуи сунъий интеллект ўқитувчиларини инсон ўқитувчиларнинг ёрдамчиси сифатида кўради. Унга кўра, АI-ўқитувчилар маълум билим ва мазкур ёндашувлар орқали монотон вазифаларни бажаришга масъул бўлиб, инсон ўқитувчиларга талабаларнинг эмосионал жиҳатдан ривожланиши, креатив фикрлаш ва танқидий тафаккурни ўргатиш учун вақт ажратиш имконини яратади.
Талабалар ушбу янги тажрибани қизиқиш билан кутиб олишди. Уларнинг фикрича, АI-ўқитувчилар дарс жараёнини янада жонли ва интерактив қилади. PhD талабалардан бири, Лерри Янг, АI-ўқитувчи билан мулоқот қилганда ўзини янада эркин ҳис қилганини таъкидлади:
«Сунъий интеллект орқали дарс олиш профессор билан бўлган масофани қисқартиргандек туюлди. Гўёки у менга яқиндек, мулоқот қилиш осонроқдек ҳис қилдим», — дейди у.
Бу ёндашув талабалар ва ўқитувчилар ўртасидаги мулоқотни осонлаштириши, ўқувчиларни дарсга фаол жалб этиши мумкинлиги айтилмоқда.
Тажриба дастурининг дастлабки босқичи муваффақиятли якунланса, лойиҳа кенгайтирилади ва бошқа университетларга ҳам жорий этилади. Бу эса таълимда янги давр – сунъий интеллект билан уйғунлашган, инновацион ва самарали тизимнинг шаклланишига замин яратади.
