АҚШда Трамп маъмурияти чет эллик талабалар, маданий алмашинув дастури иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун визаларнинг амал қилиш муддатини чекловчи янги тартибни таклиф қилди. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар берди.
Янги тартибга кўра, халқаро талабалар учун Ф визалари, маданий алмашинув иштирокчилари учун Ж визалари ва журналистлар учун И визалари аниқ белгиланган муддат билан берилади. Ҳозирда бу визалар дастур ёки иш муддати давомида амал қилади.
2024 йилда АҚШда 1,6 миллионга яқин халқаро талаба Ф визаси асосида ўқиган. Шунингдек, 355 мингга яқин алмашинув дастури иштирокчиси ва 13 мингга яқин журналистга визалар берилган.
Таклиф этилаётган регламентга кўра:
— талабалар ва алмашинув дастури иштирокчилари учун визалар муддати 4 йилдан ошмаслиги керак;
— журналистлар учун эса визалар 240 кунгача, Хитой фуқаролари учун эса 90 кунгача этиб белгиланади.
Визаси муддати тугаган шахслар узайтириш учун алоҳида ариза топширишлари керак бўлади.
АҚШ Трамп маъмурияти ушбу ўзгаришлар виза эгаларини мамлакатда бўлган вақтида яхшироқ назорат қилиш мақсадида киритилаётганини билдирди. Таклиф жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилиб, фуқаролар 30 кун давомида унга изоҳ ва таклифлар билдиришлари мумкин бўлади.
