Президентнинг фармонига асосан, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредитлари фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга ажратилади.
Табақалаштирилган тўлов-контракт (супер-контракт) учун таълим кредити берилмайди. Аммо айрим банклар тижорий шартларда оддий кредит бериши мумкин ва уни фоизи юқори бўлади. Супер-контрактни 4 га бўлиб тўлаш мумкин.
Бироқ супер-контрактга кирганлар 2-курсдан оддий контракт тўлашга ўтади, шу сабабли бемалол 2-курсдан таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредити фақат кундузги таълимда ўқийдиганларга берилади.
Биринчи босқич талабалари учун таълим кредити бир йиллик контракт суммасигача берилади.
Иккинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётган талабалар учун эса, агар фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи «3» дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади. 3 ва ундан юқори бўлган тақдирда ва (ёки) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларнинг таълим олаётган аъзолари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида берилади.
Кимлар таълим кредитини олмайди?
Таълим кредити супер-контракт асосида ўқиётганлар, шунингдек, кечки, масофавий таълим шаклларида ўқиётган талабалар учун берилмайди. Бундан ташқари, хорижда жойлашган ОТМларда ўқиш учун ҳам таълим кредити ажратилмайди. ҲEМИС дастурига уланмаган хусусий ОТМларнинг талабаларига таълим кредити берилмайди.
Ариза бериш тартиби
Таълим кредити олиш учун аризалар банкка тўғридан-тўғри мурожаат қилиб ёки my.gov.uz орқали онлайн тарзда олиш мумкин.
Банк томонидан аризалар 5 иш куни ичида кўриб чиқилади ва кредит шартномаси имзоланади. Агар кредит рад этилса, талабага бу ҳақда сабаб кўрсатилган ёзма жавоб берилади.
Эслатиб ўтамиз, «Супер-контракт»га кирган талабалар ҳам кейинчалик грант асосида ўқиши мумкин.
