Россия мактабларида инглиз тили дарслари қисқартирилади — Таълим вазирлиги

Россия мактабларида инглиз тили дарслари қисқартирилади — Таълим вазирлиги

 

Россия Таълим вазирлиги 5–7-синфларда инглиз тилини ўқитиш ҳажмини ҳафтасига икки соатгача туширишни режалаштирмоқда. Қарор ўқув юкламасини оптималлаштириш билан изоҳланади.

 

 

Таълим вазирлиги «Бошланғич, асосий ва ўрта умумий таълим бўйича федерал таълим дастурларига тааллуқли айрим буйруқларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруқ лойиҳасини ишлаб чиққан.

 

 

Янги тартибга кўра, 5–7-синфларда чет тилларини ўрганиш дарслари ҳафтасига икки соатгача белгиланиши кўзда тутилган. Вазирликка кўра, лойиҳа «юкламани оптималлаштириш ва ўқув вақтини оқилона тақсимлаш» мақсадида қабул қилинмоқда.

 

«Дарс соатларини қисқартириш фан бекор қилиниши дегани эмас, балки ўқув режасида оптимал мувозанатни топишга қаратилган. Белгиланган соатлар доирасида чет тилини ўзлаштиришнинг асосий (базавий) даражаси таъминланади», — дейилади хабарда.

 

Шу билан бирга, 5–7-синф ўқувчилари учун янги фан — «Россиянинг маънавий-ахлоқий маданияти» жорий этилади. Унда ўқувчилар давлат ва жамоат арбобларининг ҳаёти, хатти-ҳаракатлари ва шахсий фазилатлари билан таништирилади.

 

«Болалар ва ўсмирларда анъанавий қадриятларга асосланган дунёқарашни шакллантиришга қаратилган ушбу фан Россия Федерацияси Президентининг топшириғига биноан 2026/27 ўқув йилидан жорий этилади», — дейилади вазирлик баёнотида.

 

«Россиянинг маънавий-ахлоқий маданияти» фанини ўрганишга 5-синфда — 17 соат, 6 ва 7-синфларда — ҳар бирида 34 соат ажратилиши белгиланган.