Хабарингиз бор, жорий йилнинг январь-июнь ойларида ўтказилган педагог кадрлар аттестацияси натижаларига кўра, 4 199 нафар педагог 86 ва ундан юқори балл тўплаб олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) бўлиб, уларнинг базавий тариф ставкаларига қўшимча 70 фоиз устама белгиланган.
Шу боисдан, Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорининг 48.1-бандига («…иш ҳақлари сертификат генерация қилинган кундан бошлаб қайта ҳисобланади.») асосан, бу тўғрисида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларга 22 августдаги 05-14-5803 сонли кўрсатма хати юборилган.
Низомнинг 48-бандига мувофиқ, педагог кадрларнинг базавий тариф ставкалари миқдори, уларнинг малака тоифаси ёки лавозими сертификат асосида белгиланади ҳамда уларнинг иш ҳақлари сертификат генерация қилинган кундан бошлаб қайта ҳисобланади.
Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш тизими халқаро эътироф этилган ваколатли хорижий ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтказилгандан сўнг аттестацияда иштирок этиб, 86 ва ундан юқори балл олган педагогларнинг базавий тариф ставкаларига қўшимча 70 фоиз устама белгиланади.
Бунда қўшимча устама фақат малака синовида (иккала босқичда) иштирок этиб, олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) педагогларга берилади. Белгиланган даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлганлиги сабабли навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан берилган максимал балл эътиборга олинмайди. Ушбу педагоглар ҳамда мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган малака тоифасига эга педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш орқали устамага эга бўлишлари мумкин.
Устаманинг амал қилиш муддати икки йил бўлиб, муддат якунлангандан сўнг устама учун синовларда қайта иштирок этиш мумкин бўлади.
Аттестациядан ўтганлик муддати тугаган ва навбатдаги мажбурий аттестациядан озод этилмаган педагог кадрларга мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими бўйича ҳақ тўланади.
Шунингдек, аттестациядан ўтганлик муддати тугаб, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими бўйича ҳақ тўланаётган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга охирги олган малака тоифаси (лавозими) бўйича жалб қилинади.
