Ҳукуматнинг 2025 йил 20 август куни 524-сон «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, спорт мактабларида спорт турлари бўйича 5-11-синфларда таълим берилади.
Бунда гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабига талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, 7-11 ёшдаги ўқувчи-спортчиларни 1-4-синфларга ўқишга қабул қилишга рухсат этилади. Таълим жараёни ҳар бирида ўқувчи-спортчилар сони 12 нафардан кам, бироқ 24 нафардан ортиқ бўлмаган синфларда ташкил этилади.
Спорт мактабларида ўқувчи-спортчилар ўқув йили давомида икки маротаба (ҳар икки чоракда бир марта) аттестациядан ўтказилади. Ўтказилган аттестация натижасига мувофиқ ўқувчи-спортчи ўқишни давом эттириши (синфдан-синфга ўтказиш) ёки уни ўқишдан четлаштириш тўғрисида спорт мактаби директорининг буйруғи қабул қилинади.
Ўқувчи-спортчиларни босқичли назорат ҳамда аттестациядан ўтказиш меъёрлари ва баҳолаш мезонлари Агентлик томонидан белгиланади. Бунда ўқувчи-спортчиларнинг фанларни ўзлаштириши, тегишли спорт меъёрларини топширганлиги, спорт натижалари ва тиббий мувофиқлик ҳолати, ички тартиб-қоидаларга амал қилиши, ўқувчилар турар жойида тартиб-интизом талабларига риоя этиши, жамоатчилик ишларида қатнашганлиги назарда тутилади.
Ўқув йили ва дарс машғулотларининг давомийлиги
Таълим тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга қабул қилинади:
Ўқув йилининг давомийлиги спорт машғулотлари билан биргаликда – 42 ҳафта;
Ўқув ҳафтасининг давомийлиги – 5 кун (спорт машғулотлари бундан мустасно);
Дарс машғулотлари давомийлиги – 45 дақиқа;
Дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуслар давомийлиги – 5-10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги 15-60 дақиқа).
Шунингдек, бир синфда ўқувчи-спортчилар сони 20 нафар ва ундан кам бўлган ҳолларда хорижий тилларни 2 гуруҳга бўлиб ўқитишга йўл қўйилмайди.
