ИИВ академиясида масофавий таълим шакли жорий этилади

ИИВ академиясида масофавий таълим шакли жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3216-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги таҳрирга кўра, қарордаги (а) 2-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидагича баён этилиши белгиланди;

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Академияда ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ички ишлар органлари ходимлари учун масофавий таълим шакли жорий этилиб, унда ўқитилиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йилни ташкил этади.

Академия кундузги таълим шаклига ҳар йиллик қабул квотаси 2025/2026 ўқув йилидан 900 кишини, 2026/2027 йилдан бошлаб 1 100 кишини, масофавий таълим шаклига эса 400 нафар ички ишлар органлари ходимларини ташкил этади.

Шунингдек, (б) 6-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланди:

Академиянинг бакалавриат дастури бўйича кундузги таълим шаклига қабул квотасининг 80 фоизи бўйича қабул фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари орасидан амалга оширилади («Рақамли технологиялар соҳасида кибержиноятларга қарши курашиш фаолияти» таълим йўналиши бўйича қабул бундан мустасно)».