Кечки (сменали) таълимга талабаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Кечки таълимда ўқиш муддати камида 4,5 йил давом этади ва талабаларга кундузги таълимда таҳсил олаётган талабаларга берилганидек талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчаси бепул берилади. Эслатма ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, кечки таълим шаклида таҳсил оладиганлар учун давлат гранти берилмайди ва улар грант тақсимотида ҳам иштирок эта олмайди. Яъни, талабалар фақат тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Қарорда, кечки таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланиниши белгиланган.
Ушбу таълим шаклида олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати кундузги таълим билан бир хил нисбатда белгиланади.
Кечки (сменали) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Эслатма! Кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга рухсат берилмайди.
Кечки таълим шаклида ҳам ўқув жараёни таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва тегишли таълим йўналишлари малака талаблари асосида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан кундузги таълим учун тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ташкил этилади. Ўқув жараёни бир ўқув йилида икки семестрли бўлиб, ўқув машғулотларини ўтказиш кундузги таълим билан бир хил тартибда ташкил этилади.
Аммо, кечки таълимда ўқиш (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада, одатда, беш кун амалга оширилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 академик соат қилиб белгиланади.
