Судга даъво аризаси киритган ўқитувчилар турли босимларга учраётгани айтилмоқда

Судга даъво аризаси киритган ўқитувчилар турли босимларга учраётгани айтилмоқда

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 апрель санасидан 14 майга қадар ўтказилган аттестация натижаларидан норози бўлган педагоглар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга берганди. Суд иши 2025 йил, 12 август кунига белгиланганди.

 

5 нафар педагогдан 2 нафари «ўйиндан» чиқди

 

Судда педагоглар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокатлардан бири Муҳаммадамин Каримжоновнинг ёзишича, кеча, 12 август куни биринчи суд мажлиси ўтказилган, кейинги суд мажлиси эса 26 августга қолдирилган. Лекин судга даъво аризаси киритган ўқитувчилар турли хил босимларга учраган. Шу сабабли, у суд иши охиригача етиб боришига шубҳа қилмоқда.

 

«5 нафар педагогдан 2 нафари «ўйиндан» чиқди. Қолган 3 нафар педагог ҳам босим остида…Улар ҳам аризамизни қайтариб олсакмикан деб туришибди…», — деб ёзади у.

 

Шунингдек, адвокат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат қилиб, қуйидагиларни эслатган:

 

«Биз «ҳалол ўйин» тарафдоримиз.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига эса эслатма:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

2. Адвокат сўровига ахборотни (ҳужжатларни) тақдим қилмаслик маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади (МЖТК 197-1-моддаси)».

 

Вазият қандай эди?

 

Жорий йил баҳорги малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 мингга яқин педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнда қатнашган.

 

 

Аттестация натижаларига кўра, 10 504 нафар педагог олий тоифа, 23 200 нафар педагог биринчи тоифа, 27 805 нафар педагог иккинчи тоифа учун етарли балл тўплаб, ижобий натижалар қайд этган. Шунингдек, 6 603 нафар педагог мутахассис лавозимини сақлаб қолган. Умумий ҳисобда 73 мингдан зиёд педагоглар ижобий натижа кўрсатган. Аммо 104 мингга яқин (58.9%) педагоглар аттестациядан ўтолмаган.

 

 

Малака тест синовлари давом этаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда айрим фан ўқитувчиларининг аттестацияда тушган тест саволларидан норози эканлиги акс этган хабарлар тарқалган. Аттестация натижаларидан норозилиги бўлган ўқитувчиларнинг шикоят аризаларига апелляция комиссияси томонидан деярли бир хил мазмундаги жавоблар юборилган. Бу эса педагогларнинг турли хил эътирозларига сабаб бўлган.

 

 

2025 йил июль ойида 5 нафар она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, маънавий зиён ва вакил харажатларини ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилганди. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази Апелляция комиссияси томонидан педагогларнинг шикоятлари асосли, ҳуқуқий ва далилий баҳоланмасдан, «асоссиз» дея топилиб, рад этилган.

 

 

Шунингдек, кўплаб педагоглар ҳақиқатдан ҳам саволларнинг жуда мураккаблиги, валидлик талабларига жавоб бермаслиги, айрим ҳолатларда эса тест саволларининг талабга жавоб бермаслиги билан изоҳлаган.

 

 

Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йилдаги 572-сонли қарорнинг 60-бандида апелляция комиссияси қарори нусхаси апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан 5 кун муддатда мурожаат этувчи педагог кадрнинг шахсий кабинетига юборилиши белгиланган бўлишига қарамай, ушбу талаблар ваколатли ташкилотлар томонидан бажарилмаган.