Японияда ўқитувчи дўконда қўшимча ишлагани сабабли лавозимидан озод этилди

Японияда ўқитувчи дўконда қўшимча ишлагани сабабли лавозимидан озод этилди

Японияда мактаб ўқитувчиси дарсдан ташқари вақтда савдо дўконида ишлагани учун ишдан бўшатилди.

 

 

Маълумотларга кўра, 60 ёшли педагог қўшимча даромад топиш мақсадида яшаш манзили яқинидаги чакана савдо нуқтасида вақтинча ишлаган.

 

 

Ўқитувчининг қўшимча иш фаолияти таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланмаган бўлиб, мазкур ҳолат харидорлардан бири томонидан маҳаллий таълим департаментига маълум қилинган. Шундан сўнг, мактаб директори ушбу вазиятга шахсан аралашиб, ўқитувчининг дўконда ишлаётганини тасдиқлаган.

 

 

Расмий баёнотга кўра, ўқитувчи ўз педагогик мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келган. Шунга қарамасдан, мактаб раҳбарияти бу ҳолатни ўқув жараёнига сўзсиз салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб баҳолаган ҳамда ўқитувчини ишдан озод қилган. Шунингдек, педагог ота-оналар ва ўқувчилар олдида узр сўраган.

 

 

Таълим соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, Японияда давлат хизматчилари, хусусан, ўқитувчиларнинг асосий ишидан ташқарида қўшимча иш фаолияти билан шуғулланиши қонун ва касб этикасидан четга чиқиш сифатида қабул қилинади. Бу ҳолат ходимнинг асосий вазифаларига эътиборсизлик қилиш эҳтимолини ошириши мумкин деб ҳисобланади.