Қозоғистондаги мактабларда шахсий фазилатларни ривожлантирадиган тарбиявий дастур жорий қилиниши мумкин

Қозоғистондаги мактабларда шахсий фазилатларни ривожлантирадиган тарбиявий дастур жорий қилиниши мумкин

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Қозоғистоннинг барча умумий ўрта таълим муассасаларида, жумладан хусусий мактабларда ҳам тарбиявий ишлар «Адол азамат» (Ҳалол фуқаро) номли ягона дастур асосида олиб борилади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Таълим вазирлиги маълум қилди.

 

 

Дастур 2025 йил 26 май куни Таълим вазирлигининг 123-сонли буйруғи билан расман тасдиқланган бўлиб, уни Й. Альтйнсарин номидаги Миллий таълим маркази мувофиқлаштириши режалаштирилган.

 

 

Янги тарбиявий платформа илгари амал қилган «Биртутас тарбия» дастурининг мантиқий давоми бўлиб, у Қозоғистон Президенти илгари сурган концепция — «Ҳалол фуқаро – ҳалол меҳнат – ҳалол даромад» ғоясига асосланади.

 

Нима янгиликлар кутмоқда?

 

Тарбиянинг ягона стандарти: эндиликда давлат мактаблари билан бир қаторда хусусий мактаблар ҳам умумий тарбиявий стандартларга амал қилиши шарт бўлади.

 

Миллий қадриятларга мос муҳит: ҳар бир мактабда ички ва ташқи муҳит — дизайн, деворий безаклар, ахборот бурчаклари миллий тарбия қадриятларини акс эттирадиган тарзда жиҳозланади.

 

Ҳамкорлик кенгайтирилади: тарбиявий ишлар фақат мактаб билан чекланмайди. Эндиликда маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, соғлиқни сақлаш ҳамда ички сиёсат идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

 

Тарбиявий ишлар қандай шаклларда ўтказилади?

 

Ҳар ойда белгиланган мавзулар (масалан: адолат, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик) асосида:

 

 

– дарслар,

 

– дарсдан ташқари машғулотлар,

 

– миллий ўйинлар,

 

– «Ўрнакли 15 дақиқа» тарбиявий суҳбатлари,

 

– куй шаклидаги қўнғироқлар киритилади.

 

 

Янги тарбиявий дастур орқали Қозоғистон мактабларида нафақат билим, балки шахсий фазилатлар, меҳнатсеварлик, адолатпарварлик, ватанпарварлик каби инсоний қадриятлар ҳам тизимли шакллантирилиши кутилмоқда.