60 мингдан кўпроқ абитуриентга тестга кириш учун рухсат берилмаган

60 мингдан кўпроқ абитуриентга тестга кириш учун рухсат берилмаган

АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова жорий йилги қабул жараёнларига оид бир қанча маълумотларни очиқлади.

 

Маълум қилинишича, Жорий йилги кириш имтиҳонларига қатнашиш учун жами 732 минг 411 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич охирги 7 йилдаги абитуриентлар сонига қарасак, жорий йилда рўйхатдан ўтганлар энг кам миқдорни ташкил этган:

 

2019 йил — 1 млн 66 минг 925 нафар;

2020 йил — 1 млн 484 минг 85 нафар;

2021 йил — 948 минг 211 нафар;

2022 йил — 1 млн 214 минг 232 нафар;

2023 йил — 1 млн 18 минг 7 нафар;

2024 йил — 894 минг 279 нафар;

2025 йил — 732 минг 411 нафар.

 

Назокат Абдуқундузованинг хабар беришича, 671 397 нафар абитуриентга тестга кириш учун рухсат берилган. 60 мингдан кўпроқ абитуриентнинг аризаси эса, тўлов қилмагани учун бекор қилинган.

 

Шундан 426 685 нафари (63,6 %) жорий йил битирувчилари, 244 712 нафари (36,4 %) эса олдинги йиллар битирувчилари ҳисобланади.

 

Абитуриентларнинг 53,8 фоизини (361 019 нафар) хотин-қизлар, 46,2 фоизини (310 378 нафар) эркаклар ташкил этди.

 

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишларга 39 307 нафар абитуриент ҳужжат топширган.