Тўғри олийгоҳ танлаш: ўқиш учун танловми ёки келажак учун сармоя?

Тўғри олийгоҳ танлаш: ўқиш учун танловми ёки келажак учун сармоя?

Бугун олий таълим соҳасида янги давр бошланмоқда. Кириш имтиҳонлари мавсуми, айниқса, магистратура босқичига қабул жараёнлари ҳар йили минглаб ёшларни танлов олдида қўяди: «Қайси олийгоҳни танлаш керак?», «Қайси йўналиш истиқболли?», «Ўқишга кириш муҳимми, ёки муносиб ўқишга кириш муҳимроқми?»

 

 

Бу саволлар – бугунги замон талабидир. Чунки энди масала фақат талаба бўлишда эмас, балки ўқиган жойинг, олган дипломинг ва ўзлаштирган тармоғинг орқали ким бўлишингда.

 

 

Энди балл эмас, сифат муҳим

 

 

Яқин ўтмишда Ўзбекистон ёшларининг аксарияти олийгоҳ танлашда «баланд балл»га таянар эди. Яъни, тестда энг юқори балл талаб қиладиган университет — энг нуфузли олийгоҳ, деб ҳисобланарди. Ўша йилларда иқтисодиёт, тиббиёт, ҳуқуқ ва филология каби йўналишлар нафақат энг машҳур, балки «энг мураккаб» соҳалар сифатида талқин қилинар эди. Шундай экан, абитуриентлар олийгоҳ танлашда бу йўналишларга кириш учун қанча балл кераклиги билан қизиқар, аммо ўша университетда қандай профессорлар дарс бериши, илмий фаолиятнинг даражаси, хорижий ҳамкорлик ёки стажировка имкониятлари ҳақида деярли ўйлашмасди.

 

 

2000–2015 йиллар мобайнида бу ёндашув кенг тарқалган эди. Масалан, Тошкент давлат тиббиёт академияси, Тошкент давлат юридик университети ёки Ўзбекистондаги Жаҳон тиллари университети — ўша даврда энг юқори балл билан талабаларни қабул қилган олийгоҳлар қаторида эди. Буларга кириш — муваффақият белгиси сифатида қараларди. Бироқ уларнинг ўқув дастури қандай, халқаро рейтингларда ўрни борми, талабаларга қандай қўшимча имкониятлар яратилган — бу жиҳатлар эътибордан четда қоларди.

 

 

Аммо бугун — глобал ахборот ва рақобат асрида — бу ёндашув эскириб бормоқда. Энди олийгоҳга фақат кириш эмас, балки қайси университет сизга ҳақиқий имкониятлар, амалий кўникмалар ва глобал тармоқ тақдим эта олади, деган савол устувор аҳамият касб этмоқда.

 

 

Ўзбекистондаги натижалар

 

 

Мисол учун, бугун Тошкентдаги айрим университетларда иқтисод йўналишига кириш учун 170 баллдан ортиқ балл керак бўлиши мумкин. Аммо у ерда на халқаро алмашинув дастурлари мавжуд, на ўша соҳада етакчи мутахассислар дарс беради. Аксинча, нисбатан паст балл билан кириш мумкин бўлган, аммо ТҲE ёки ҚС рейтингларига кирган университетлар — масалан, Тошкент Ирригация ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (ТИИАМE) ёки Ўзбекистон Миллий университети — сизга қуйидаги имкониятларни таклиф этади: халқаро даражадаги диплом, Европадаги алмашинув дастурларида қатнашиш, йирик иш берувчилар билан ҳамкорликда лойиҳаларда иштирок этиш ва айнан сиз ўқиётган соҳада инновацион фаолиятга жалб этилиш.

 

 

Университетни нимасига қараб танлаш керак?

 

 

Бугунги олийгоҳ танловида эътибор қаратилиши лозим бўлган мезонлар қуйидагилардир: грант ва стипендиялар мавжудлиги, халқаро ҳамкорлик ва тан олинган академик алмашинув дастурлари, «доубле дегреэ» (икки дипломли) дастурлар мавжудлиги, дипломнинг халқаро тан олиниши, факультетларнинг илмий тадқиқот салоҳияти.

 

 

Айниқса, сўнгги йилларда фаол ривожланаётган ва халқаро ҳамкорликда муваффақиятли ишлаётган Янги Ўзбекистон университети, ТEАМ университети, Wэстминстер, ИНҲА каби нисбатан янги университетлар айнан шунинг учун ёшлар орасида кенг эътибор қозонмоқда.

 

 

Демак, энди университетни танлаётганда аввалгидек «энг баланд балл» мезони етарли эмас. Энг муҳим савол — бу олийгоҳ сизга қандай эшикларни очади, қандай имкониятлар тақдим этади? Шу асосда фикрлаш — бугунги билимли, келажакни ўйлайдиган ёшлар учун энг тўғри стратегик ёндашувдир.