Она (ўзбек, қорақалпоқ, рус) тили ва адабиёт фанларидан 2025 йил апрель ойида ўтказилган миллий сертификат имтиҳони натижалари эълон қилина бошлади.
Талабгорлар ўз натижаларини my.gov.uz сайтининг «Менинг аризаларим» бўлими орқали билишлари ва сертификатни электрон тарзда юклаб олишлари мумкин.
Тест натижалари халқаро методика – Раш модели асосида ҳисобланган бўлиб, талабгорларга тўплаган бали асосида қуйидагича сертификат тақдим этилади:
70 баллдан юқори балл — А+ даража;
65 – 69,9 балл — А даража;
60 – 64,9 балл — B+ даража;
55 – 59,9 балл — B даража;
50 – 54,9 балл — C+ даража;
46 – 49,9 балл — C даража.
Сертификатга эга абитуриентларга ОТМларнинг бакалавриатига кириш тест синовларида қуйидаги тартибда балл берилади:
А+, А даражали сертификат учун — тегишли мутахассислик фанидан максимал балл;
B+, B, C+, C даражали сертификат учун — тегишли мутахассислик фанидан пропорционал балл.
Шунингдек, академик лицейларга кириш тест синовларида сертификатга эга ўқувчиларга тегишли фандан максимал балл берилади.
Изоҳ: Натижалар навбат билан эълон қилинмоқда. Агар Сизнинг натижангиз ҳали кўринмаган бўлса кейинроқ яна текшириб кўринг.
