Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йили учун синф комплектлари, тарификация рўйхатлари, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини шакллантириш бўйича қўшма хати эълон қилинди.
Мазкур жараёнда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 октябрдаги «Буджет ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва штатлар жадвалини шакллантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 722-сонли қарорида таълим ташкилотларининг штат жадвалини тузишда 1 декабрь ҳолатидаги мавжуд ўқувчилар ва синфлар сони ҳисобга олиниши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб:
а) 2024-2025-ўқув йилида умумтаълим мактабларининг ҳамда янгидан ташкил этилган синфларни амалдаги қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида комплектлаш (дастурий мажмуада шакллантириш) ҳамда иқтисодиёт ва молия органлари томонидан тасдиқлаш;
– синфдан синфга ўтувчи (кам комплектли) синфларда ўқувчилар сонини хатловдан ўтказиш ва ўқувчилар контингенти пасайган барча ҳолларда синфлар ва мактаблар ўртасида ўқувчиларни қайта тақсимлаш масаласини кўриб чиқиш;
– синфларни жамлашни ташкил қилишда синф хоналарининг намунавий режасига, уларда парта ва столларни жойлаштириш имкониятига, айниқса асоссиз равишда синфлар тўлдирилиши пасайиб кетган ҳудудларда эътиборни кучайтириш – муддат 13 декабргача;
б) педагог кадрларнинг малака тоифалари, хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлари, менежерлик сертификатига эга бўлган раҳбар ходимлар ҳамда фан номзоди ва фан докторлари рўйхатларини ягона электрон тизим (эрп.мактаб.уз) дастурий мажмуасида тўлиқ шакллантириш – муддат 16 декабргача;
в) умумтаълим мактабларининг тарификация рўйхатларини шакллантириш ва тасдиқлаш – муддат 18 декабргача;
г) умумтаълим мактаблари ва давлат мактабгача таълим ташкилотларининг штатлар жадвалларини амалдаги қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида тўғри шакллантириш, иқтисодиёт ва молия органлари томонидан тасдиқлаш ҳамда вазирликка юбориш – муддат 20 декабргача;
д) 2025 йил учун харажатлар сметасини шакллантириш ва вазирликка юбориш – муддат 23 декабргача амалга оширилишини таъминлаш;
ҳ) синфларни комплектлаш, тарификация рўйхатларини шакллантириш ҳамда штатлар жадвалини тасдиқлашда буджет маблағларини тежаш ҳамда самарасиз харажатларни мақбуллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш сўралади.