Президент қарори билан Навоий давлат университети ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан, Навоий давлат университети ташкил этилади.

 

Қарорда келтирилишича, Навоий вилоятида иқтисодиёт тармоқларининг ўсиш суръатлари ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўйича юқори малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

 

Шундан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш белгиланди.

 

 

Қарорда қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланган:

 

 

– ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;

 

– замонавий ўқув, илмий ва ИТ-лаборатория базасини яратиш, ушбу лабораторияларни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда илмий-инновацион тадқиқотлар трансферини амалга ошириш;

 

– талабаларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини жорий этиш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;

 

– ўқув жараёнига халқаро таълим стандартлари, илғор таълим технологиялари ва усулларини жорий этиш, шунингдек, талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш;

 

– етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш;

 

– талаба-ёшларда маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.

 

 

Шунингдек, Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига Университет дипломи берилади.

 

 

Университетда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

 

 

– ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

 

 

– дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади;

 

 

– янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади;

 

 

– алоҳида гуруҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади ҳамда таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.

 

 

Жумладан, 2025 йил 1 январдан бошлаб Университетга академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг (24.12. 2021 йил 60-сон) ҳамда «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–61-сон қарорларида белгиланган тартиблар Университетга татбиқ этилади.

 

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси билан биргаликда икки ой муддатда Университет фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Университетда Трансформация марказини ташкил этади.

 

 

Трансформация маркази қуйидаги масалалар юзасидан масъул ҳисобланади:

 

– университетнинг таълим дастурларини халқаро таълим стандартларига мувофиқлаштириш;

 

– университетни дунёнинг энг нуфузли олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва ижросини ташкил этиш;

 

– университет таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш ҳамда Университет дипломларининг хорижда тан олинишига эришиш;

 

– таълим хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида Университет ўқув-услубий бўлинма ҳамда деканатлар штатларини мақбуллаштириш ҳисобидан Регистратор офиси фаолиятини йўлга қўйиш;

 

– университетнинг таълим, тадқиқот ва ахборот-кутубхона фаолиятларини ҳамда бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры