Сенатнинг ялпи мажлиси: «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Қонунда психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги назарда тутилган.
Ялпи мажлисда маъруза қилган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хуршид Фозилов шу ҳақдаги мулоҳазаларини баён қилди.
Шунингдек, қонунда психологик ёрдам кўрсатувчи субъектлар доираси белгиланмоқда (булар давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ишловчи психологлар ёхуд ушбу соҳада хусусий тартибда фаолият олиб борувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар).
Давлат томонидан бепул психологик ёрдам кафолатланадиган шахслар тоифалари кўрсатиб ўтилмоқда. Шунингдек, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунга кўра, психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар эга бўлиши белгиланмоқда.
Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олганидан кейин давлат органларида, шу жумладан таълим ташкилотларида тегишли психологик ёрдам турларини белгиланган тартибда кўрсатишга ҳақли бўлиши кўзда тутиляпти.
Бундан ташқари, хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган психологларнинг жамоат бирлашмаси томонидан малака сертификати берилган психологларга рухсат этилиши қайд этилмоқда.
Қонунга асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча психологлар учун мажбурий бўлган «Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари» ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Психологларнинг жамоат бирлашмалари психологларнинг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлайди ҳамда унга риоя этилишининг тизимли мониторингини таъминлайди.
Шу билан бирга, психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилмоқда.