Бостондаги АҚШ округ судьяси Эллисон Берроуз президент Доналд Трамп маъмурияти Гарвард университетига ажратилган тахминан 2,2 млрд долларлик грантларни ноқонуний равишда тўхтатган, деб топди. Бу президент энди нуфузли Айви лигаси мактабига илмий тадқиқотларни молиялаштиришни тўхтата олмаслигини англатади, деб хабар берган Reuters.
Таъкидланишича, судьянинг қарори Гарвард учун катта ҳуқуқий ғалаба бўлди. Бу қарор университетга Оқ уй билан бўлган кўп томонлама низосини якунлаши мумкин бўлган келишувга эришиш имконини беради.
Аммо Оқ уй апелляция беришга ваъда берди, деб ёзади ББC. Президент маъмурияти бунгача Гарвард тадқиқотчиларига ажратилган юзлаб грантларни бекор қилган, апрель ойида молиялаштириш музлатиб қўйилганида Трамп маъмурияти коллежни антисемитизм, «радикал сўл» мафкуралар ва ирқий тарафкашликда айблаганди.
Гарвард эса Трамп маъмурияти сўз эркинлиги ҳуқуқини бузган ҳолда ҳаракат қилаётганини даъво қилиб, судга шикоят киритган. Олийгоҳ расмийларнинг ўз мафкуравий кун тартибига мос келадиган бошқарув, ишга қабул қилиш ва академик дастурларни қайта кўриб чиқиш талабларини бажаришдан бош тортган.
Айви лигасининг яна учта университети — Колумбия, Пенн ва Браун маъмуриятнинг шунга ўхшаш даъволари туфайли хавф остида бўлган маблағни сақлаб қолиш учун судга мурожаат қилишдан кўра, Трамп билан келишишни афзал кўрган.
Берроузнинг айтишича, судларнинг вазифаси академик эркинликни ҳимоя қилиш ва муҳим тадқиқотларнинг ўзбошимчалик билан ҳамда процессуал жиҳатдан нотўғри тўхтатилишига йўл қўймасликдир. Бу вазифани бажариш ҳукуматнинг ғазабига сабаб бўлиши мумкин бўлсада, судлар ўз мажбуриятларини адо этиши лозим, чунки ҳукумат ўз кун тартибини ҳар қанақасига амалга оширишга интилмоқда.
Гарвард университетининг Трамп маъмурияти билан зиддияти бир неча ойдан бери давом этаётганди. Май ойи охирида Ички хавфсизлик вазирлиги Гарвардни 2025−2026 йилларда хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиб, университетдан Талабалар ва ташриф буюрувчилар алмашинуви дастури (СEВП) сертификатини қайтариб олган. Вазирлик ўз қарорини университет чет эллик талабаларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани ва университет кампусида «яҳудий талабаларга нисбатан душманлик руҳидаги, ҲАМАСга хайрихоҳликни тарғиб қилувчи сиёсати изоҳлаган. Университет судга мурожаат қилган, суд вазирлик қарорини вақтинча блоклаган.
Июль охирида Гарвард ОТМни антисемитизмда айблаган Трамп маъмурияти билан можарони ҳал қилиш учун 500 млн долларгача тўлашга рози бўлганди. Аммо Гарвард федерал ҳукуматга тўғридан-тўғри пул тўламоқчи бўлмаган.
