30 та мактабда PIRLS 2026 тадқиқотининг тажриба-синов жараёнлари ўтказилади

30 та мактабда PIRLS 2026 тадқиқотининг тажриба-синов жараёнлари ўтказилади

11 апрель куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида жорий йил ўтказиладиган малака синовларини ташкил этиш, инклюзив синфлари мавжуд таълим масканлари ҳамда «Жасорат мактаб»лари фаолияти, «Иқтидор мактаб ансамбли» ва «Турон» мактаб театри танловларини ўтказиш масалаларига доир «Вазир соати» бўлиб ўтди.

 

 

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

 

 

Вазир инклюзив синфлар мавжуд таълим масканлари фаолиятига тўхталиб ўтар экан, айни вақтда 947 та мактабда 1 401 та инклюзив синф ташкил этилиб, уларда 1 948 нафар ногиронлиги бўлган болалар жалб этилганлигини қайд этди.

 

 

Шунингдек, жорий йилнинг январь ойидан 208 та боғчада тажриба-синов тариқасида ташкил этилган инклюзив гуруҳларга 606 нафар ногиронлиги бўлган мактабгача ёшдаги болалар қамраб олинган.

 

 

Вазир жорий йил ўтказиладиган PISA 2025 тадқиқотининг асосий синов жараёнларига тайёргарлик ишлари ҳақида тўхталар экан, шу йил апрель май ойларида PIRLS 2026 тадқиқотининг тажриба-синов жараёнлари 30 та мактабда ташкил этилишини айтиб ўтди.

 

 

Мутасадди ходимларга ушбу мактабларда PIRLS 2026 тадқиқотини ўтказиш бўйича барча зарур шароитларни ташкил қилиш, ҳар бир мактабни ўқувчиларнинг сонига нисабатан яна қўшимча 3 та компьютер билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

 

Йиғилишда шунингдек, жойларда фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилаётган «Жасорат мактаб»лари фаолияти таҳлил этилиб, 208 та «Жасорат мактаби»ни янги ўқув йилига қадар очиш мўлжалланаётганлиги айтиб ўтилди.