«Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари:
– барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади;
– унда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.
Шунингдек, 2030 йил 1 январга нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг қуйидаги Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар жиҳозларига божхона тўловлари тўланмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно):
– замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;
– компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;
– ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
– нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган педагог хорижий мутахассисларга «А-2» ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
– давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади.