Жаҳон болалар кунида UNICEF ва ҳамкорлар болаларга нисбатан озодликдан маҳрум қилишни ўрнига муқобил адолатли судлов вариантларини таклиф қиладиган ислоҳотларни амалга оширишга ҳамда Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилишни фақатгина сўнгги чора сифатида қўллашга чорлади.
Ушбу чақириқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсманı) ва UNICEF томонидан ташкил этилган давра суҳбатида эълон қилинди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистонда болалар учун жиноий одил судловни амалга ошириш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, ислоҳотлар одил судловни болалар учун қанчалик адолатли ва хавфсиз қилиши мумкинлиги ҳақида хабардорликни ошириш тадбирда муҳокама қилинган асосий масалалар бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистонда болаларга катталар билан бир хил жазо турлари, жумладан, жарима, жамоат ишлари ва ҳатто озодликдан маҳрум этиш ҳам қўлланилади. Кўпгина мамлакатларда қонунлар ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган болаларга судлов жараёнидан ўтиш ўрнига ўз ҳаётларини тиклаш ва жамиятга қайта интеграцияси учун имконият бериб, уларни қўллаб-қувватлайди.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистонга ҳибсга олиш ўрнига маслаҳат, воситачилик ва жамоат ишлари каби чораларни жорий этишни тавсия қилган. Ҳозирда Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида болалар учун фақат чекланган муқобил чоралар мавжуд.
«Озодликдан маҳрум қилишдан бошқа вариантлар бўлиши муҳим», – деди халқаро судья, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси Ренате Винтер. «Озодликдан маҳрум қилиш сўнгги чора бўлиб, фақат зарурат туғилганда қўлланилиши ва мунтазам равишда қайта кўриб чиқилиши керак».